Шавкат Мирзиёев Сергелидаги сув тозалаш иншоотига замонавий филтрлаш ускуналарини ўрнатиб, 1 сентябргача бадбўй ҳид муаммосини бартараф этишни топширди. Шунингдек, Тошкентнинг ҳар бир туманида 15−20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерлар аукционга чиқарилади, чиқинди қутилари кескин кўпайтирилади.
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг аҳолисини қийнаб келаётган масала — сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳидни 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий филтрлаш ускуналарини ўрнатиб, бартараф этишни топширди. Бу ҳақда 4 июлдаги йиғилишда айтиб ўтилди.
Келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камайиши таъкидланди.
Давлати раҳбари Тошкент азалдан тоза, озода ва «яшил» шаҳар сифатида эътироф этиб келинганини қайд этди. Шу билан бирга, кўчалар, хиёбонлар ва парклардаги тозалик муҳити аҳоли ва туристлар талабига қай даражада мос экани танқидий таҳлил қилинди.
Бу масала оддий кўринса-да, аслида, маданият ва қадрият экани қайд этилди. Маҳалла раислари, нуронийлар ва фаолларга аҳоли билан бирга ободончилик, дарахт экиш ва уларни суғориш ишларига бош-қош бўлиш, ёшларга «Тозалик остонадан бошланади» деган қадриятни сингдириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, пойтахт меҳмонлари ва сайрга чиққан аҳоли учун ҳожатхоналар етишмаслиги қайд этилди. Бир ой муддатда алоҳида дастур ишлаб чиқиб, шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15−20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди. Чиқинди қутиларини кескин кўпайтириш бўйича ҳам чоралар кўрилади.
2026 йил аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Сергелининг асосий 23 километр йўлида ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда. Чорраҳаларга 455 та «ақлли» светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.
Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобус учун 5,5 километрлик BRT йўлак қуриш режалаштирилган. Бу йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади. Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг кўпчилиги тарихий обидалар, истироҳат боғлари, бозорлар, кафе-ресторанлар ва туристик маҳаллаларга пиёда бориб, хотиржам сайр қилишни истайди. Бунинг учун йўл кўрсаткичлари, қулай маршрутлар ва рақамли хариталар зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга автобус бекатлари, вокзал, аэропорт ва метро станцияларида сайёҳлар учун шаҳар маршрутларини кўрсатувчи, телефонга бепул ва осон юклаб олинадиган хариталарни жорий этиш топширилди.